Россия ва Ўзбекистон ўртасида навбатдаги дипломатик можаро.
Самарқандга борган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Мотамсаро она” монументи пойида рус тилидаги ёзув йўқлигидан норозилик билдирди.
“Нега рус тилида ёзув йўқ?” дея норози бўлган Лавров.
Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашиш учун президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борган.
Москва "Улуғ ватан уруши" деб атайдиган Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллик юбилейига тайёргарлик кўраётган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқандга ташрифи аввал-бошдан байрамона руҳда ўтиши режаланганди.
Лавровнинг ташрифи унинг ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидовнинг туғилган кунига тўғри келгани ташрифга янада кўтаринки руҳ бағишлаши кутилганди.
Аммо икки вазирнинг Самарқанддаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйиш маросими ҳамма нарсани ўзгартириб юборди.
Англашилгани - Лавровга монумент пойига инглиз тилида "Сен ҳар доим қалбимиздасан, жигарим!” («You are always in our heart, my dear»)деб ёзилгани ёқмаган ва Лавров норозилигини ўзбеклардан яшириб ҳам ўтирмаган.
Россиянинг давлат РИА-Новости хабар агентлигининг иқтибос келтиришича, Лавров “Инглизлар сизларга қаердан келиб қолди?” дея энсасини қотирган.
Бунга жавобан Лавровга гидлик қилган шахс Самарқанд туризм шаҳри шаҳри экани ва барча тилларда ёзилганини айтган.
“Аммо рус тилидаги ёзувни кўрмаяпман” дея яна жиғибийрон бўлган Россия Ташқи ишлар вазири.
Лавровнинг ёнида бўлган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов суҳбатга аралашмаган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча Лавровнинг "Мотамсаро она" монументи пойидаги норозилиги юзасидан бирон расмий изоҳ бергани йўқ.
Аммо сўнгги ҳодиса Украина урушидан буён икки томонлама стратегик ва иттифоқчилик алоқалари билан ҳаспўшлаб келинаётган дипломатик тарангликнинг навбатдаги, очиқ кўринишидир.
Рус тили Тошкент ва Москва ўртасидаги таранглик марказида қолмоқда.
Бундан аввал Тошкентдаги мактабда рус тили дарсида ўқувчига нисбатан зўравонлик содир этилгани Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг норозилигига сабаб бўлганди.
Ўтган йил сентябрида юз берган ҳодиса ортидан Захарова хоним Ўзбекистонга рус тилининг кўп асрлик ижобий таъсири”ни писанда қилган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, бу каби ҳолатларда бўлгани каби, можарога очиқ муносабат билдирмаган.
“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров эса Захарованинг баёнотини Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш, дея баҳолаганди.
2023 йил сентябрида Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларидан норозилик изҳор қилган.
Москва Шерзод Қудратхўжанинг ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилишлари кераклиги ҳақида айтган сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» дея баҳолаган.
Расмий Тошкент фақат бир марта ўз позициясини очиқ баён қилган, бунга россиялик пропагандачи ва ёзувчи Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги баёноти сабаб бўлган эди.
2023 йил декабридаги можарода Россиянинг Тошкентдаги элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақирилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўшанда ҳам рус элчиси вазирликка “таклиф этилгани”ни айтиш билан чекланган.
Ўзбекистонлик қатор жамоат фаоллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ўзининг "исталмаган шахслар" рўйхатини шакллантириш таклифи билан чиқишганди. Тошкент ўтган йили мамлакатга кириши исталмаган “номақбул шахслар” қонунини қабул қилди. Аммо ҳозирча бу қонун россиялик биронта арбобга нисбатан қўллангани йўқ.
Самарқандда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралардан сўнг Сергей Лавров қатор баёнотлар берди.
Унинг баёнотларидан Россия томони Ўзбекистонда қуриши эълон қилинган атом электр станцияси музокаралар марказидаги мавзулардан бирини бўлгани тушунилади.
Зиддиятли АЭС лойиҳаси Ўзбекистон ичкарисида норозиликлар уйғотган.
Жамоатчилик хавотирларига жавобан расмий Тошкент Москва билан кичик АЭС лойиҳаларини муҳокама қилишга ўтган, аммо ҳозирда яна катта АЭС лойиҳаси кун тартибига чиқмоқда. Ҳар ҳолда, Лавров ўз баёнотида “кичик АЭС” деган иборани ишлатгани йўқ.
Лавров шунингдек, Россия Ўзбекистонга "бир неча ўн миллиард доллар" сармоя киритганини таъкидлаган, аммо аниқ рақамларни айтмаган.
Озодлик суриштирувлари Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистоннинг газ ва энергетика соҳасидаги йирик лойиҳалари ҳамда иншоотлари шубҳали схемалар орқали Кремлга яқин олигархларга бериб юборилганини ўртага чиқарганди.
Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, газ борасида Озодлик суриштируви хулосаларини рад этишга уринган, аммо ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон расман газ экспорт қилувчи давлатдан расман газ, айнан Россия газини импорт қилувчи давлатга айланган.
Россия хабар агентликларига кўра, Лавров Самарқанддаги баёнотида Москва Европа Иттифоқининг, унинг таъбирича, Марказий Осиёда устун мавқеъга эришиш ҳаракатларига қарши эканини ҳам айтган.
Шу йилнинг 4 апрель куни Евроиттифоқ ва минтақа давлатлари Самарқандда биринчи саммитни ўтказган, унда томонлар ҳамкорликка доир Қўшма декларацияимзолаган. Брюссель минтақадаги лойиҳаларга 12 миллиард евро сармоя ажратишини эълон қилган эди.
Ўзбек томони музокараларга оид хабарларда кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқаларига доир масалалар муҳокама қилинганини айтиш билан чекланди. Лавров иддао қилган бир неча ўн миллиардлик сармоялдар ёки АЭС бўйича ҳеч қандай аниқ гап айтилмади.
Россия билан муносабатларда масофа сақлашга уринган Ислом Каримовдан фарқли Мирзиёев ҳокимиятга келгач Москва билан яқинлашиш сари қадамларни қўйди. У Тошкентда "Ғалаба боғи"ни очди ва айрим совет рамзларини қайтарди.
Мирзиёев Россиянинг Украинага тажовузи фонида Москва янада дабдаларироқ тус беришга ҳаракат қилаётган 9 май парадида иштирок этиши эълон қилинган. У бундан аввалги парадларни ҳам қолдирмаганди.
Форум