Ўзбекистонда 1 майдан электр энергияси, табиий газ нархи 15 - 80 фоизгача кўтарилди.
Шунингдек, аҳоли чегарадан олиб кирадиган товар ҳажмига кескин чекловлар ҳам кучга кирди.
Аммо, ойлик ва турли тўловлар ошмади.
Баҳорнинг илик узилди мавсумидан чиқиб-чиқмай, нархнинг бу қадар ошиши билан юзлашган оддий ўзбекистонликлар вазият ҳақида нима дейди?
1 майдан электр энергияси ва газ нархларининг ошиши ҳақидаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги қарори кучга кирди.
Бу қарор аслида апрель ойидан ишлаши бошлаш керак эди, аммо ҳукумат унинг ижросини бир ойга кечиктирди.
Шундай қилиб, 1 майдан бошлаб ўзбекистонлик истеъмолчи 200 квтдан 500 киловаттгача 800 сўмдан тўлайди.
200 кВт/соатгача 450 сўмдан,
201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 900 сўмдан,
1001 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1350 сўм,
5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 1575 сўм,
10 000 кВт/соат ва ундан ортиқ истеъмол қилувчилар учун ҳар бир кВт/соат учун 1800 сўм этиб белгиланди.
Аввалроқ ҳукумат 1 апрелдан бошлаб янги нархларни эълон қилганда, ижтимоий тармоқларда аҳолининг қаттиқ норозилига дуч келган эди. Аввалги белгиланган нархларга кўра, 1 апрелдан 200 киловатгача 600 сўм ва 1000 киловаттгача 1000 сўм қилиб белгиланган эди.
Ҳозир эса бошланғич 200 киловаттгача бўлган нарх 450 сўм қилиб қолдирилди, минг киловаттгача бўлган нарх эса 100 сўмга туширилди, яъни 900 сўм қилиб белгиланди.
Аммо бу янгиланган тарифлар ҳам маиший истеъмолчилар учун жуда оғир бўлиши кутиляпти. Зеро газ тақчил бўлиб қолган қишли қировли кунларда 200 киловат электр энергия бир оилага урпоқ ҳам бўлмайди.
"Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, бу нархлар ошиши охиргиси эмас экан, ҳар йили ошиб борар экан. Ҳукуматда буни ким режалаштираётган бўлса, Энергетика вазирлигими ёки бошқасими у президентга ва халққа душман одам. Чунки халқнинг аҳволи шусиз ҳам оғир бўлиб қолди. Одамлар топадиган пули қориндан ортмаяпти. Ахир одамлар электр ва газнинг нархини қандай қилиб тўлайди? Ёзнику бир бало қилиб ўтказиб олар, қишда нима қилади? Ўқитувчилар, қишлоқ хўжалигида ишлаб ойлик олмаётган кишилар нима қилсин? Шунинг учун одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Россияга кетяпти, халқнинг асаби қақшаяпти", дейди тадбиркор Хуршид Турсунов.
Табиий газ нархи ҳам 1 майдан бошлаб кескин кўтарилди. Расмийлар газ нархини ёзги ва қишки тарифга бўлдилар. Қишки тариф ёзникидан қимматроқ.
Агар ёз мавсумида 500 куб метргача газнинг нархи 650 сўм бўлса, қишки мавсумда бу нарх 100 куб метргача қилиб белгиланган.
500 куб метрдан 2500 куб метргача газ истеъмол қилинса ҳар куб метрига бир ярим минг сўмдан тўлашга тўғри келади.
Ҳисоблагичлар йўқ бўлганда овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун бериладиган газнинг бир куб метри 660 сўмдан 1200 сўмгача (+81,8 фоиз), иситиш учун 380 сўмдан 700 сўмгача (+84,2 фоиз) ошади.
Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кгга 1120 сўмдан 1600 сўмгача, яъни +42,8 фоиз) ошади.
1 июндан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (АГТКШ) етказиб бериладиган газ нархи 1500 сўмдан 1800 сўмгача (+12%) ошади.
Автомобилларга қуйиладиган метан газининг нархи ошиб, 4100 сўмга етгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеолар тарқалди.
Айни пайтда ўзбекистонликлар миллиардлаб куб метр газ қазиб чиқарилаётган мамлакатда газ ва электр энергиясининг бошқа қўшни давлатларга нисбатан қимматлиги ҳақида шикоят қилмоқдалар.
Маалан Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адылбек Касималиев 2025–2030 йилларга мўлжалланган электр энергияси бўйича ўрта муддатли тариф сиёсати тўғрисидаги қарорни имзолади ва у 1 майдан кучга кирди.
2025 йил 1 майдан бошлаб Қирғизистонда электр энергияси нархи 26 тийинга ошди ва 1 кВт соат энергия нархи 1 сом 37 тийин қилиб белгиланди. Бу ўзбек сўмига 260 сўмга тўғри келади.
Агар Ўзбекистондаги дастлабки лимит 200 квт соат қилиб белгиланган ва унинг нархи 450 сўм бўлса, Қирғизистонда эса энг биринчи лимит 700 киловатгача ва ундан ошса кейин 388 сўм тўлайди.
Бензин нархи эса сифатига қараб ўзбек сўмига чаққанда 9000 сўмдан 9300 сўмгача.
Тожикистонда ҳам электр энергия нархи Ўзбекистондагида н анча паст.
Ўзбек пулига чаққанда бир киловатт электр энергияси қўшни давлатда 380 сўм туради ва унинг истеъмолига ҳеч қандай лимит белгиланмаган.
Ўзбекистонда электр энергияси ва газнинг нархи ошгани сари, ушбу хизматлардан фойдаланишнинг нархи ҳам ошиб боради. Маоши паст бўлган оилалар, умумий оилавий харажатларининг катта қисмини электр энергияси ва газга сарф қилади, бу эса уларнинг бошқа муҳим эҳтиёжларини, масалан, озиқ-овқат, тиббий хизмат ёки таълим учун сарф қилган маблағларини чеклашга мажбур этади.
Кичик ва ўрта бизнеслар энергетика ресурсларининг нархлари ошгани сабабли харажатларини кўтаришга мажбур бўлади. Бу маҳсулот нархининг ўсишига, ишлаб чиқаришни қисқартиришга, ишчиларни ишсизликка олиб келишга ёки иш ҳақини камайтиришга сабаб бўлиши мумкин.
Газ ва электр нархларининг ошгани энг аввало кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳолатини оғирлаштиради. Бу ҳолат, ўз навбатида, ишсизлик ва миграцияни кучайтириши айтилади.
Форум