Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакат бўйлаб чигирткаларга қарши курашиш тадбирлари бошланганини маълум қилди.
“ФВВ ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари ўзаро ҳамкорликда жорий йилда ҳашаротлар таҳдид қилиши мумкин бўлган тахминий экин майдонлари ҳисоблаб чиқилган. Бу деярли 600 минг гектар қир-адир ерлардир", - деди ФВВ матбуот котиби Мурод Содиқов.
Унинг айтишича, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида чигирткаларга қарши кимёвий тадбирлар бошланган. Тез кунларда бу каби тадбирлар Бухоро, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида ҳам олиб борилади.
Фарғона водийси ҳудудларида эса профилактик тадбирлар май ойининг бошида ўтказилиши режалаштирилган.
Жараёнга ўнлаб дельтапланлар ва юзлаб қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилмоқда.
Ўтган йил баҳорида мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида чигирткалар кўпайиб, экинларни пайхон қилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.
Мавзуга алоқадор Ўзбекистонга яна бир офат - Туркманистондан келаëтган чигирткалар хуружи таҳдид солмоқдаЎзбекистоннинг Қашқадарё вилояти расмийлари Туркманистоннинг Лебаб вилоятида чигиртка кўпайгани ҳақида Туркманистон расмийларидан огоҳлантириш хати олганини тасдиқлагандилар.
Бухоро ва Хоразм вилоятининг Туркманистонга қўшни далаларида меҳнат қиладиган деҳқонлар чигиртка кўпайганини айтишган.