“Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров россиялик сиёсатчиларнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан виза тартибини жорий этиш борасидаги таклифларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
“Яқин келажакда кутилаётган беқарорлик, релокантларни жиддий ортиши эҳтимоллари фонида нафақат биз, бутун Марказий Осиё минтақасини Россия билан виза орқали кириш-чиқиш қилиш, иш излаб бораётганларга талаблар ва назоратни кучайтириш ҳақидаги рус сиёсатчиларининг ташаббусларни қўллаб-қувватлашимиз керак”, деб ёзди у Телеграмдаги расмий саҳифасида.
Қодировга кўра, Ўзбекистонда яшайдиган барча фуқаролар ўзбек тили, маданияти ва маҳаллий қадриятларни билиши ва ҳурмат қилиши шарт бўлгани каби хорижга иш излаб бораётган ватандошлар ҳам маҳаллий тил, маданият, қонунлар ва қиладиган ишини яхши билиши зарур.
“Миллий тикланиш” партияси раиси таъбирича, виза тартибининг жорий этилиши билан ҳукумат “ҳақини ҳимоя қила олмайдиган, маҳаллий айирмакашлар томонидан камситилишга рози бўлаётган, энг ёмони, ихтиёрий-мажбурий, масъулиятсизларча ҳаётини сотиб юбориб Ўзбекистон учун жиддий ижтимоий, сиёсий, иқтисодий юк яратаётган айрим фуқароларга ҳам ёрдам берган бўлади”.
Алишер Қодировнинг виза режимига доир таклифи Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан қатор чекловлар жорий этилаётган паллада янграмоқда.
Аввалроқ Россия либерал-демократик партияси раҳбари Леонид Слуцкий меҳнат муҳожирларнинг иш ва яшаш тарзини тартибга солувчи Муҳожирлар кодексини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққанди.
Бир муддат олдин Россия Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин мигрантларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишдан олдин улардан рус тили бўйича тест олишни таклиф қилган. Таҳлилчилар ушбу қоида янги коррупция схемаларини яратади ва россияликлар билан мигрантлар ўртасидаги жарликни янада кенгайтиради, деб ҳисоблашади.
“Миллий тикланиш” партияси лидери жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда совет мафкураси, даври ва рамзларини тарғиб қилишни қонунчилик билан тақиқлаш ташаббусини илгари сурганди.
Экспертлар гоҳида баҳсли таклифларни илгари сурадиган, гоҳида жамоатчилик овози ўлароқ майдон чиқадиган Алишер Қодировни “Ўзбекистоннинг сокин сиёсий майдонида ғайриодатий шахс” деб баҳолашган.