Гулнора Каримова иши бўйича мусодара қилинган 182 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилади

Гулнора Каримова (архив сурати)

Гулнора Каримовага алоқадор жиноят иши доирасида 182 миллион доллар миқдоридаги маблағ Швейцариядан Ўзбекистонга қайтарилади. Бу ҳақда маълум қилган Адлия вазирлиги матбуот хизмати мазкур маблағ Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария федерал кенгаши ўртасида имзоланган битим доирасида қайтарилишини урғулаган.

Вазирлик қайдича, “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” 6 февраль куни Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский ўртасида имзоланган.

Адлия вазирлиги қайтариладиган 182 миллион доллар Ўзбекистоннинг “айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Г. Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган”ига эътибор қаратган.

Маблағ БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 Fund кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилиши кўзда тутилган.

Мазкур жамғарма орқали Швейцария ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистонга қайтаришга оид битим 2022 йил 16 августида имзоланган эди. Илк битим доирасида 131 миллион доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтариш назарда тутилган. Вазирлик хабарномасига мувофиқ, иккинчи битим билан Ўзбекистонга қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 миллион долларга етади.

Хабарномада Швейцариядан қайтарилаётган маблағлар “Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши” таъкидланган.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб, 13 йилдан кўпроқ қамоқ муддатини ўтаётган тўнғич қизи Гулнора Каримова 2024 йил охирида Тошкентдаги аёллар қамоқхонасидан 42-сонли манзил колонияга ўтказилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Бир пайтлар Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ вақт қаттиққўллик билан бошқарган отасининг сиёсий меросхўри сифатида кўрилган Гулнора Каримова охирги марта 2020 йили Тошкент шаҳар суди томонидан 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилинган эди.

У жиноий уюшма тузиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.

Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувлар фигуранти саналади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисоб-китобича, Каримова давлат ва одамларга 1 триллион 270 миллиард 200 миллинн сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро миқдорида зарар келтирган.