Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда 2025 йил учун минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўм этиб белгиланди, дея маълум қилди Статистика агентлиги матбуот хизмати.

Агентлик шарҳига кўра, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш, камбағалликка қарши курашиш дастурлари самарадорлигини ошириш ва пенсиялар, нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларда мезон сифатида фойдаланилади.

Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, 2024 йил давомида Ўзбекистонда камбағаллик чегараси икки марта ўзгарган. Дастлаб йил бошида бу миқдор 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилган бўлса, 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши муносабати билан 648 минг сўмга чиқарилган.

Бир муддат аввал Статистика агентлигининг камбағаллик чегарасини аниқлашда фойдаланиладиган минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи танқидга учраганди. Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров “камбағалларини аниқлайдиган чегара янада камбағаллаштирилган”ига эътироз билдирганди.

Статистика агентлиги бунга жавобан мазкур кўрсаткич халқаро тажриба асосида Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганини маълум қилганди.

2020 йилда Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг “Ўзбекистонда кунига 5600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас” деган баёноти ҳам кескин эътирозга учраганди.

Муқаддам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бир ўзбекистонликнинг бир ойлик тирикчилиги учун 2 157 070 сўм керак дея хулоса бергани маълум.