ЕИ–Марказий Осиё илк саммити апрель ойи бошида Самарқандда бўлиб ўтади

Иллюстратив сурат

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи билан Марказий Осиёнинг илк саммитида иштирок этиш учун 3–4 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлишади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мезбонлик қиладиган мазкур саммитда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари қатнашиши кутилмоқда. Аввалдан 2024 йилда ўтказилиши режаланган бу анжуман ЕИдаги сайловлар туфайли 2025 йилга кўчирилган эди.

Хабарномада саммит Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё билан икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги геосиёсий манфаатларини намойиш этиш учун муҳим имконият экани урғуланган.

“Геосиёсий вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда, хусусан, Россиянинг Украинага қарши ноқонуний уруши ва Афғонистондаги воқеалар содир бўлаётган бир пайтда, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар йилдан йилга стратегик жиҳатдан янада муҳим аҳамият касб этмоқда”, дейилган хабарномада.

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта айни пайтда дунёда “тартибсизлик ва бўлиниш кучайган”ига эътибор қаратган.

“Европа Иттифоқи учун ягона тўғри йўл – мустаҳкам ҳамкорликлар ўрнатиш орқали тинчлик ва фаровонликни таъминлашдир. Кўп қутбли дунё шароитида янада фаол ва йўналтирилган ҳамкорлик зарур. Биринчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити халқаро ҳуқуққа тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий ниятимизни тасдиқлайди”, деган Кошта.

Кейинги йилларда ЕИ ва МО юқори лавозимли раҳбарлари ўртасида ўзаро алоқалар фаоллашганига гувоҳ бўлиш мумкин. 2022 йилнинг октябрь ойида Қозоғистонда ва 2023 йилнинг июнь ойида эса Қирғизистонда етакчилар учрашуви бўлиб ўтган. Бундан ташқари, бир қатор вазирлик даражасидаги муҳокамалар ҳам ўтказилган. Бундай учрашувларнинг сўнггиси 2023 йили Люксембургда ўтказилган бўлиб, унда ЕИ ва МО ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитаси қабул қилинган.

Президентлар саммити олдидан жорий йилнинг 4 мартида Ашхободда ЕИ ва МОнинг 20-вазирлар учрашуви бўлиб ўтиши, унда Ўзбекистондаги саммитга тайёргарлик масаласи муҳокама қилиниши кутиляпти.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқотда бўлгани ҳақида хабар қилган. Мулоқот чоғида, жумладан апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилаётган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар ҳам муҳокама қилинган эди.