Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2025, Тошкент вақти: 08:25

Учинчи уриниш: Мирзиёев тўйларни тартибга келтирмоқчи


Ўзбекистонда бой ва амалдорларнинг тўйлари ҳаддан ташқари дабдаба билан ўтказилаётгани айтилади
Ўзбекистонда бой ва амалдорларнинг тўйлари ҳаддан ташқари дабдаба билан ўтказилаётгани айтилади

Мирзиёев фейерверклар ва концертлар билан дабдабали тадбирлар ўтказаётган бир пайтда оддий аҳолидан тўйларни ихчамлаштириш талаб қилинди.

Аслида Мирзиёев тўйларни тартибга солишга учинчи бор уринмоқда. Парламент ва ҳукумат қайта-қайта қарорлар қабул қилгани билан амалдорлар ва бой табақа вақиллари ҳанузгача шоҳона тўйлар ўтказишда давом этмоқда.

Айни пайтда президент қарори амалга оширилса, тўй индустрияси ортидан кун кўраётган катта тўйхоналар банкрот бўлиши, минглаб одам ишсиз қолиш хавфи юзага келиши мумкин.


Бугун ижтимоий тармоқлар ўзбекистонликларнинг дабдабали тўйларию, хилма-хил янгича урф-одатлари билан тўлиб тошган.

Дастурхонларга сиғмай кетган турли ноз-неъматлардан тортиб антиқа таомларгача тўйларда қўйилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўйларни тартибга солишга яна бир бор уриниб кўряпти. Бу ҳақда унинг фармонида айтилади.

Фармонга кўра, август ойигача Ўзбекистонда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қўшма қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Сизга таниш туюлмаяптими шундай мазмундаги бу қарор. Ҳа, эсладингиз.

2018 йил март ойида тегишли ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйган, бироқ у қабул қилинмаган. Сенат барча ҳудудларда аҳоли фикрини ўрганиб, тўйлар ва бошқа оилавий тадбирлар ҳамда маросимларни ўтказишга чекловлар қўймаслик тўғрисида қабул қилган.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, дабдабали тўйларни кескин танқид қилган эди:

"Бош вазирдан бошлаб ҳокимлар тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарда давлатнинг мошинасини кўрган куним ҳаммасини ишдан олиб ташлайман, жиноий жавобгарликка тортаман. Тўй энг кўпи 150 кишига бўлади, ош 200 кишига бўлади. Мандан бошлаб бирорта раҳбар туғилгани кунини ҳам, тўйини ҳам қилмайди. Бўлди у замонлар тугади, одамларнинг ғашини келтиряпти, лаънатини келтиряпти, маросим ҳам, тўй ҳам раҳбарларсиз бўлади".

2020 йилда парламент тўйлар ва бошқа оилавий тантаналарни фақат бир кун давомида тонгги 06:00 дан тунги 23:00 гача ўтказиш тартибини тасдиқлади.

Бу тартибга кўра меҳмонлар сони тўйда 200 кишидан, ошда эса 250 кишидан ошмаслиги керак. Қўшалоқ тўй бўлган тақдирда, мос равишда 250 ва 300 кишигача меҳмонга рухсат берилган.

Аммо бу қонун ишламади ва тўйлар дабдаба билан ўтишда давом этаверди.

Энди эса учинчи уриниш. Бу ҳақда президентнинг Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармонида белгиланган.

Янги лойиҳада тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича янги механизмлар назарда тутилади. Лойиҳа 2025 августга қадар ишлаб чиқилиши керак.

Янги лойиҳанинг тафсилотлари ҳозирча аниқ эмас.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда тўй ўтказиш бир-биридан ўзарликка айланиб, дабдабанинг янги ва янги кўринишлари касб эта бошлади.

Парламент қароридан кейин ҳам Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков қизларининг дабдабали тўйлари ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 192−1-моддасига кўра агар мансабдор шахс қонун талабларини бузса базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари ёки 11 миллион сўм, оддий фуқаролар эса қарийб 4 миллион сўм миқдорда жаримага тортилиши керак.

Бироқ, шу вақт давомида ушбу модда бўйича кўриб чиқилган ишлар сони ҳар йили жуда оз бўлган.

Масалан, «Газета.uz» ўрганган суд қарорларига кўра, жорий йил бошидан бери атиги 4 та шундай иш кўриб чиқилган, 2024 йилда жами 9 та, 2023 йилда 4 та, 2022 йилда бирорта ҳам иш кўрилмаган. Жумладан юқорида эслатилган амалдорларга нисбатан ҳам.

Парламент қарорида тўйлар халқнинг иқтисодий аҳволини оғирлаштираётгани ҳақида гапирган эди. Фармонда айтилишича, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш бўйича янги механизмлар ишлаб чиқилади.

"Халқнинг аҳволини тўйлар оғирлаштираётган экан, аслида эса халқнинг аҳволини кунма кун, соатма соат ошиб бораётган нарх-наво оғирлаштирмоқда. Газ, свет, метан нархининг ошиши ўз навбатида транспорт харажатлари, логистика нархларининг ортишига сабаб бўляпти. Интернетда иккита учта дабдабали тўйни қўйишадида, мана халқ дабдабали тўй қиляпти, деб айҳуаннос солишади. Булар Тошкент ёки Самарқандда бўлаётган тўйлар. Мана Бухоро ёки Навоийда бунақа тўйлар йўқ. Мен қишлоқда яшайман, тўйлар оддийгина, камтаргина ўтяпти. Яқин қариндошлар ва кўчасини айтяпти тўйга. Ҳаммани ҳам айтолмайди, чунки шароити кўтармайди. Тўй дастурхонида энг арзон маҳсулотлар. Тўғри фотиҳа тўйи, "жавоб берди"си каби ортиқча даҳмазалари бор. Агар дабдабали тўйларни жазоламоқчи бўлса, мана молия вазири Жамшид Қўчқоровни жазоласин, бошқа амалдорларини жазоласин", дейди бухоролик тадбиркор Хуршид Турсунов.

Таҳлилчилар фикрича, тўйларни тартибга солиш, исрофгарчиликни камайтириш яхши нарса, аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор.

Бугун тўй ва бошқа маракалар Ўзбекистонда ўзига хос бир индустрияга айланган. Унинг ортидан тирикчилик қиладиган, бизнес юритадиган минглаб одам бор.

Катта-катта тўйхоналар ҳувиллаб қолиши ёки имкони даражасидан анча паст хизмат кўрсатишга мажбур бўлиши сабабли, сон саноқсиз одам ишсиз қолиши мумкин.

"Аввало буни тартибга солиш жуда қийин. Масалан, бизда тўйлар минг-икки минг кишилик бўлади. Адашмасам, илгари ҳам бу қарор чиққан эди, лекин ишламади. Буни чуқур ўйлаб кўриш керак. Нега деганда, тўйнинг орқасидан нон топадиган, шу билан оиласини тебратадиган жуда кўп одам бор. Масалан, бизнинг Самарқандда жуда катта тўйхоналар бор. Уларда юзлаб одам ишлайди. Кортежлар, тўйга хизмат қилувчи турли хил гуруҳлар, булар ўз-ўзидан қисқариб кетади. Бу бизнеслар ўлади", дейди самарқандлик Жамшидбек Тожиев.

Тўйларни тартибга солиш Ўзбекистонга қўшни Тожикистонда жорий қилинганига ўн йилдан ошди. Бу мамлакатда тўй қилиш тартибини бузганлар учун жазо тартиби жуда қаттиқ.

Масалан, маҳаллий ҳокимиятга хабар бермасдан тўй қилиш ёки пул сочиш учун жарима ўзбек пулига чаққанда қарийб 700 минг сўм.

Тўй маросимлари тартибини бузиш – меҳмон сони ва давомийликка риоя қилмаслик 900 минг сўмдан 16 миллион сўмгача жарима билан жазоланади.

Мансабдор шахсларга эса бундан икки баравар кўп жарима қўлланилади.

Исми сир қолишини сўраган тожикистонлик маҳалла фаолининг айтишича, ҳукумат жорий қилган тартиб шунчалик қаттиқ бўлдики, одамлар тўйларига ҳатто санъаткорларни ҳам таклиф қилмай қўйди:

“Масалан, бизнинг Ваҳдат туманида “танзим”дан кейин тўйлар ихчамлашиб қолди. Ҳозир эрталаб бир қозон ош қилиб, қишлоққа тўй берилади, кейин келинни битта иккита мусиқачи билан бориб, олиб келишади. Кейин чимилдиққа олиб кирилади ва тамом. Кечқурун базм, чойгаштак, гулбазми деган нарсалар йўқ бўлиб кетган. Сўнгги пайтда ҳукумат тўйларнинг исломийлашиб кетаётганидан хавотир олиб, тўйга рухсат олишга боришганида “мен тўйимга артист олиб келаман” деган тилхатни олгандан сўнггина рухсат беришяпти. Кулгули ҳолат, ўзларику кўп нарсани тақиқлади, энди эса артист олиб кел деб мажбурлаяпти”

Ўзбекистондаги тўйлар август ойидан кейин қай тарзда ўтказилади ва ҳукуматнинг учинчи уриниши иш берадими ёки йўқ, буниси ҳозирча номаълум.

Бу лойиҳа халқ муҳокамасига қўйилиши ҳам даргумон.

Аммо, ортиқча исрофгарчилик, дабдаба билан ўтказилаган тўйлар ҳар бир ўртаҳол одамни синдириши ва қарз ботқоғига ботиб қолиши мумкинлиги ҳақида бундан 100 йил олдин драматург ва публицист, жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам ёзиб кетган эди:

“Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.

Форум

XS
SM
MD
LG